Самарқандда сифатсиз қурилган мактаб биноси топилди

O‘zbekiston

Ижтимоий тармоқларда Самарқанддан ишчилар қурилаётган мактаб деворларини қўл билан қулатаётгани акс этган видео тарқалди. Вилоят инспекцияси томонидан мактаб биноси қурилишида бир қатор қоидабузарликлар аниқланган. Хусусан, бинонинг иккинчи қаватида ғишт деворларни ётқизиш чоклари тўлиқ қоришма билан тўлдирилмаганлиги аниқланди.

Самарқандда мактабнинг реконструкция қилинаётган янги биноси қурилишида бир қатор қоидабузарликлар аниқланди. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат бўйича вилоят инспекцияси хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳри Қорасув мавзесида «Меъмор комплекс» МЧЖ томонидан барпо этилаётган 1800 ўринли мактаб биноси қурилишида бир қатор қурилиш қоидалари ва меъёрлари бузилган.

Хусусан, объект қурилиши лойиҳаси ишлаб чиқилмаган, ҳудудга олиб келинган қурилиш материаллари тартибсиз жойлаштирилган.

Объектда сақланиши керак бўлган фойдаланиш журналлари тегишли тартибда юритилмаган, фойдаланилаётган материалларнинг ишлаб чиқариш паспортлари олинмаган, ёпма плиталар меъёрларга риоя қилинмаган ҳолда ўрнатилган.

«Бундан ташқари, бинонинг иккинчи қавати деворларидаги ғиштларнинг вертикал ва горизонтал чоклари қоришма билан тўлиқ тўлмаганлиги аниқланди. Умуман, юқоридаги қоидабузарликларнинг асосий сабаби буюртмачининг техник назорати ва лойиҳаловчининг муаллифлик назорати ўз вақтида ўтказилмаганлигида», — деди инспекция масъул ходими Сарвар Бобоназаров.

Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан инспекция томонидан мажбурий кўрсатмалар берилиб, сифатсиз ишлар жойида демонтаж қилинди.

Mavzuga oid materiallar