Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг Телеграм-каналида Россиянинг миграция сиёсатини кучайтиришни қайта кўриб чиқишга чақирувчи пост ёзди.
«Ушбу ўрта аср ёндашувларидан воз кечиб, масалани нуқтавий ҳал этиш билан шуғулланишга чақираман. Муҳими, мигрантлар орасида қонунбузарлар ҳам, қонунга бўйсунувчилар ҳам борлигини тушуниш керак. Охиргилари эса анча кўп», — деб ёзди Қодиров.
Бундан ташқари, у кимдир «Россияни қўшни қардош минтақалар билан атайлаб тўқнаштираётганини» тахмин қилди. Унинг фикрича, миграция сиёсатини бошқача ўзгартириш керак.
«Муҳокама қилинаётган муаммони бошқа мамлакатлар фуқароларини оммавий равишда чиқариб юбориш билан ҳал қилиб бўлмайди. Бу муаммо келгиндиларнинг айби билан юзага келмаган. Бу ўз вақтида ўз ваколатига кирадиган масалалар билан шуғулланиши ва ҳар қандай кескинлашувчи жараёнларга тезкорлик билан жавоб бериши керак бўлганларнинг бепарволигидан келиб чиқади», — деди Чеченистон раҳбари.
Қодиров, шунингдек, «жамиятда мигрантларга нисбатан нафратни авж олдириш» вазиятни ҳал қилмаслигини, аксинча, оғирлаштиришини таъкидлади.
«Ҳеч бўлмаганда, энди миграция назорати бўйича малакали тизимни йўлга қўйиш, бу соҳада тўғри сиёсатни йўлга қўйиш керак. Аммо бошқа мамлакатлар фуқароларини тартибсиз инквизицияга дучор қилиб бўлмайди. Сабабларни бартараф этиш керак, уларнинг оқибатлари билан шуғулланмаслик керак», — дейилади Қодировнинг постида.