Бўлажак сайловда муддатидан олдин овоз бериш 2024 йил 16-23 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг 8 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида қарор қабул қилинди.
Овоз бериш сайлов участкаларида иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача ва дам олиш кунлари соат 11:00 дан 17:00 гача ташкил этилади. Хорижда бўлган фуқаролар учун ҳам сайлов маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 18:00 гача ўтказилади.
Жорий йилда Қонунчилик палатасига сайловларда 11 нафар, маҳаллий кенгашларга сайловларда 605 нафар ногиронлиги бўлган номзодлар рўйхатга олинди. Сайлов комиссияларида 1,3 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар фаолият юритмоқда.
Ногиронлиги бўлган 830 мингдан ортиқ сайловчи кўнгиллилардан ёрдам олади. Брайл алифбосига асосланган бюллетенлар намуналари тасдиқланди, сайлов участкаларида махсус овоз бериш кабиналари, катталаштирувчи ойналар ва қўшимча ёритиш мосламалари ўрнатишга қарор қилинди.
Бундан ташқари, турли ташкилотлардан, шу жумладан Туркий давлатлар Парламент ассамблеясидан 36 нафар хорижий кузатувчи, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардан вакиллар аккредитациядан ўтказилди.