Президент Тошкент шаҳрининг уч зонага бўлинадиган бош режаси билан танишди

O‘zbekiston

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси билан танишди. Пойтахт учта зонага бўлинади: маданий объектларни сақлаш учун муҳофаза зонаси, янги қурилиш учун реконструкция зонаси ва эски бинолар янгиланадиган реноватсия зонаси.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси билан танишди.

Тошкент шаҳри ҳудуди учта зонага бўлинади. Консервация ҳудудида маданий мерос объектлари, тарихий жойлар, бинолар ва яшил ҳудудларнинг сақланиши таъминланади. Реконструкция зонасида мастер-режа асосида қўшимча қурилишларни амалга ошириш мумкин бўлади. Реноватсия зонасида эски уй-жойлар ва эски бинолар ўрнида янги бинолар қурилиб, таъмирланади.

Ҳужжатда экология ва транспорт муаммолари ҳисобга олинган. Сўнгги 10 йил ичида Тошкентда ўртача ҳаво ҳарорати 1 даражага кўтарилди. Айрим кунларда атмосферадаги ифлослантирувчи моддалар миқдори меъёрдан ошиб кетади.

Шаҳар ва унинг атрофидаги яшил ҳудудлар майдонини 3 баробарга ошириб, 25 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Бу орқали аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил майдонлар ҳозирги 3 квадрат метрдан 6 квадрат метрга етказилади.

Аҳоли энг яқин боғча, мактаб, шифохона, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига 15 дақиқадан кўп бўлмаган вақт ичида етиб бориши мумкин бўлган замонавий шаҳарсозлик талабларини ҳисобга олган ҳолда жамоат транспорти тармоғи кенгайтирилади, узеллар ва бекатлар сони кўпайтирилади, янги йўллар қурилади ва метрополитен йўналишлари ташкил этилади.

Шаҳар тармоқларидаги юкламани камайтириш учун электр таъминоти ва водопровод қувватларини кенгайтириш кўзда тутилган. Бош режа хариталари тасдиқлангандан сўнг онлайн тарзда тақдим этилади.

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрини камида 7,5 миллион аҳоли яшаши ва ишлаши учун қулай шароитга эга йирик мегаполисга айлантириш зарурлигини таъкидлади.

Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Тошкент туманларини пойтахт билан ягона агломерация асосида ривожлантириш бўйича топшириқлар берилди.

Mavzuga oid materiallar