Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида инглиз тили ўқитувчиси бешинчи синф ўқувчисининг бурнини синдириб, кейин ўғлини ҳимоя қилишга келган онаси билан жанжаллашган.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 9 октябрь куни 33 мактабда содир бўлган. 5 синф ўқувчиси инглиз тили дарсида «бошқа болалар ва ўқитувчига ҳурматсизлик қилган».
«Шунинг учун педагог болани тарбиявий суҳбат учун маънавият хонасига олиб боришга қарор қилган, бироқ тасодифан боланинг бурнига тегиб кетган, шундан сўнг боланинг бурнидан қон кетган», - дейилади ОЎМТВ хабарида.
Кейинчалик бола ҳимояси учун мактабга келган ўқитувчи ва боланинг онаси ўртасида низо келиб чиққан. Мазкур ҳолат юзасидан мактаб директори ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.
Болани урган ўқитувчига нисбатан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Воқеа Болалар омбудсмани идорасида ҳам назоратга олинган.