9 октябрь куни Америка Қўшма Штатлари ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга қиймати 435 минг доллардан ортиқ бўлган 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини етказиб берди. Сабзавот ва дуккакли экинларнинг озуқавий аралашмасидан иборат ушбу қимматли юк мамлакатдаги энг заиф оилаларни қўллаб-қувватлаш учун соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот муассасаларига тақсимланади.
Умуман олганда, 145 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасаларида, шу жумладан кўп дориларга чидамли сил касаллигига чалинган беморларни узоқ муддатли парваришлаш марказлари, болалар уйлари ва руҳий касалликлар шифохоналарида 33 мингдан ортиқ кишига ёрдам кўрсатилади.
«USAID Ўзбекистон аҳолисининг энг заиф қатламларига ҳаётий муҳим озиқ-овқат ёрдамини тақдим этишда ўзбекистонлик ҳамкорлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Тўйиб овқатланмаслик муаммосини ҳал қилиш ва сифатли, хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқатлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш орқали биз нафақат соғлом ва маҳсулдор ҳаётга ҳисса қўшамиз, балки барчанинг янада барқарор ва барқарор дунёсини яратишга ҳисса қўшамиз»,— деди USAIDнинг Осиё бўйича маъмури ёрдамчиси ўринбосари Анжали Каур.
2010 йилдан буён USAIDнинг Озиқ-овқат ёрдами бўйича халқаро ҳамкорлик дастури доирасида Ўзбекистонга қиймати 4,5 миллион долларга яқин бўлган 1560 тонна озиқ-овқат етказиб берилди. Ушбу ёрдам Американинг «Resource and Policy Exchange» нотижорат ташкилоти томонидан «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда тақсимланади.
USAID озиқ-овқат ёрдами бўйича халқаро ҳамкорлик дастури 1954 йилда президент Дуайт ЭйзенхауЭр томонидан таъсис этилган АҚШ ҳукуматининг «Тинчлик учун озиқ-овқат» дастурининг бир қисмидир. Ушбу дастур USAIDнинг очлик ва тўйиб овқатланмасликни камайтириш ҳамда барча инсонларни етарли, хавфсиз ва тўлақонли озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида турли тузилмалар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича миссиясининг ёрқин намунасидир.