Ўзбекистонлик компания Афғонистоннинг Тўти-Майдон ҳудудида газ қидириш ва қазиб олиш ишларига қарийб бир миллиард доллар сармоя киритмоқда. Бу ҳақда конлар ва нефть вазири вазифасини бажарувчи Ҳидоятулло Бадри маълум қилди.
Ўзбекистон компанияси ва Афғонистон ўртасида имзоланган шартнома ўн йилга мўлжалланган. Дастлабки икки йилда қазиб олинган газдан 100 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Бадрийнинг сўзларига кўра, Тўти-Майдондаги газ захиралари тахминан 7000 квадрат километр майдонни қамраб олади. Бу мамлакатнинг газга бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада қондириш имконини беради.
«Биз миллионлаб афғонлар учун иш ўринлари яратиш учун Афғонистоннинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга интиламиз. Мақсадимиз - Афғонистонни иқтисодий тиклаш ва унинг халқи ҳаётини яхшилаш», — деди Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев.