2024 йилда Тошкент метрополитенида йўловчилар оқими янги рекорд даражага — 209 миллион кишига етиши мумкин. Бу ҳақда пойтахт метрополитени бош муҳандиси Мирҳоким Мирхусанов халқаро пресс-клубда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 7 октябрь куни кунлик йўловчилар сони 990 минг кишини ташкил этган бўлса, 1 ноябрга келиб 1 миллион йўловчига кўпайиши кутилмоқда. Бундан ташқари, поездлар ҳаракати оралиғи қисқарди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида кунига ўртача 724,5 минг йўловчи ташилган. 2016 йилда метрополитен 52 миллион кишини ташиди, 2023 йилда бу кўрсаткич 172 миллионга етди. Ўтган йили метрополитен даромади 477 миллиард сўмни ташкил этган.