Давлатимиз раҳбари Янгийўл туманидаги «Mesal Water Technologies«» корхонасида бўлиб, аҳолини, айниқса, Тошкент вилоятининг жадал ривожланаётган шаҳарларини ичимлик суви ва канализация тармоқлари билан таъминлашнинг аҳамиятига эътибор қаратди.
«Тошкент вилоятининг ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш» лойиҳасининг учинчи босқичи доирасида Чирчиқ, Олмалиқ, Ангрен ва Бекобод шаҳарларидаги объектларни янгилаш ишлари олиб борилмоқда.
«Mesal Water Technologies» корхонаси Хитой, Германия ва Туркиядан энергия тежовчи технологияларни жорий этган ҳолда сув тозалаш иншоотлари учун 30 дан ортиқ турдаги ускуналар ишлаб чиқаради. Лойиҳага 1,7 миллион доллар сарфланиб, 50 кишининг бандлиги таъминланган.
Шунингдек, бундай корхоналарни ривожлантириш ҳудуд аҳолисининг ҳаёт сифати ва саломатлигини яхшилашга хизмат қилаётгани таъкидланди.