Россия компанияси Ўзбекистонда алюминий банкалар ишлаб чиқаради

O‘zbekiston

«Арнест Упаковочные Решения» Ўзбекистонда алюминий банкалар ишлаб чиқарадиган биринчи заводни қуради. Қиймати 100 миллион доллар бўлган янги лойиҳа 200 дан ортиқ кишини иш билан таъминлайди, йилига 1,5 миллиарддан ортиқ банка ишлаб чиқариш ва 30 фоиз маҳсулот экспорт қилиш имконини беради.

Фото: Открытые источники

«Арнест Упаковочные Решения» компанияси Ўзбекистонда ичимликлар учун алюминий банкалар ишлаб чиқарадиган биринчи заводни очмоқчи. Қиймати 100 миллион доллар бўлган лойиҳага Россия ва Евроосиё иқтисодий иттифоқининг қадоқлаш ечимлари бозори етакчиси сармоя киритмоқда.

Заводни ташкил этиш тўғрисидаги битим Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида имзоланди. Янги корхона «Навоий саноатни ривожлантириш мажмуаси» махсус саноат паркида жойлаштирилиб, 2025 йилнинг кузида ишга туширилиши режалаштирилган.

Корхонада йилига 1,5 миллиарддан зиёд банка ишлаб чиқарилиб, 200 дан ортиқ иш ўрни яратилади. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабоев ичимликлар учун алюминий қадоқ ишлаб чиқаришнинг ушбу технологияси мамлакат учун янги бўлишини таъкидлади. Маҳсулотнинг 30 фоизга яқини экспортга йўналтирилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда заводнинг ташкил этилиши «АУР» компаниясининг халқаро бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлайди ва Россиядан экспорт қилинаётган маҳсулотларни ички талабни қондириш учун қайта йўналтириш имконини беради.

Mavzuga oid materiallar