Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Ботир Алимбеков ҳамда ҳокимнинг молия масалалари бўйича ўринбосари Эркин Муҳитдинов ишдаги ёмон натижалари учун ишдан олинди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Тошкент вилояти сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича охирги ўринда.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги ерлари Андижондагидан 50 фоизга кўплигини, лекин етиштирилган маҳсулот ҳажми бир хил даражада қолаётганини таъкидлади. Бу ерда бир гектардан олинадиган ўртача даромад Андижондагига қараганда икки баробар кам, Наманган, Фарғона ва Бухородагига қараганда анча паст.
Сўнгги уч йилда 51 минг нафар маҳаллий аҳолига қишлоқ хўжалиги учун 21 минг гектар ер ажратилди. Бироқ, йил бошидан бери мева ва сабзавотлар экспорти атиги 72 миллион долларни ташкил этди — бу ўтган йилга нисбатан камроқ.
2,2 гектар боғ ва токзорлардан самарасиз фойдаланилаётгани сабабли вилоят ҳар йили экспортда қарийб 10 миллион доллар йўқотмоқда.
Бундан ташқари, йиғилишда минтақада камбағалликни қисқартириш бўйича режалар муҳокама қилинди. Президент «Камбағалликдан фаровонликка» дастури доирасида келгуси йилда 116 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш режалаштирилган ҳисоб-китобларни маъқулламади.
«Барча имкониятлар ва яратилган шароитларга қарамасдан, вилоятда ҳамон камбағал оилалар қолаётганидан афсусдаман», — деди давлат раҳбари.
Унинг таъкидлашича, Тошкент вилояти кичик бизнесда яратилган иш ўринлари сони бўйича мамлакатда охирги ўринда туради. Вилоятдаги жами саноатнинг атиги 25 фоизи кичик бизнес билан боғлиқ бўлиб, унинг оилалар даромадига қўшган ҳиссаси атиги 1,5 фоизни ташкил этади