6-12 октябрь кунлари Берлинда «Рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш учун ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш» мавзусида ёшлар ўртасида рақамли иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасида Германия тажрибасини ўрганишга бағишланган семинар ва учрашувлар бўлиб ўтди. Ушбу тадбирлар БМТ Тараққиёт Дастурининг (UNDP) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг Ишбилармонлик муҳити кузатувлари ва тадбиркорлик статистикаси бошқармаси бошлиғи Сатимов Маъмур Аллаёрович иштирок этди. Учрашувларнинг асосий мақсади Германиядаги кичик бизнес тажрибасини чуқур ўрганиш бўлди.
Иштирокчилар кичик ва ўрта корхоналар (КЎБ) Германия иқтисодиётида асосий роль ўйнаши ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг деярли 60 фоизини иш билан таъминлаши ҳақида билиб олдилар. Мамлакатда рўйхатдан ўтган компанияларнинг 99% дан ортиғи кичик ва ўрта бизнес тоифасига киради. Шунингдек, Германия кичик бизнесининг муваффақиятли ишлаши омиллари, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва кичик корхоналар учун кредитлар бериш шартлари муҳокама қилинди.