Ўзбекистонда парламент сайловларида муддатидан олдин овоз бериш бошланди.
16-23 октябрь кунлари Ўзбекистонда ва республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига муддатидан олдин овоз бериш бўлиб ўтади.
Муддатидан олдин овоз бериш кунлари сайлов участкаларида овоз бериш иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача ва дам олиш кунлари соат 11:00 дан 17:00 гача ўтказилади.
Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари ҳузуридаги участкаларда муддатидан олдин овоз бериш маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 18:00 гача ўтказилади.
Қонунчиликка кўра, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугайди. Ўзбекистоннинг хориждаги, жумладан, Москвадаги дипломатик ваколатхоналари қошида 55 та овоз бериш пункти ташкил этилиб, уларга сайлов бюллетенлари етказиб берилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови 27 октябрь куни бўлиб ўтади. Парламентдаги 150 ўринга мамлакатдаги барча бешта - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, «Адолат» социал-демократик партияси ва Экологик партиядан 750 нафар рўйхатга олинган номзодлар даъвогарлик қилмоқда.