Шимолий Кореядан бир неча минг ҳарбий хизматчи Курск вилоятига етиб келди. У ерда улар Россия ҳарбийлари билан биргаликда Украина Қуролли кучлари бўлинмаларига қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этишлари мумкин. Бу ҳақда The New York Times Украина ва АҚШ расмийларига асосланиб хабар бермоқда.
Нашр суҳбатдошларининг маълум қилишича, КХДР халқ армиясининг элита бўлинмаси ҳарбийлари 23 октябрдан бери Курск вилоятининг ғарбий қисмида жойлашган. Ҳар куни янги аскарлар келмоқда ва 28 октябрь, душанба кунига қадар вилоятга беш минггача одам етиб келиши кутилмоқда.
Шимолий Корея аскарлари Узоқ Шарқдан Ил-76 транспорт самолётларида олиб келинмоқда. Улар ҳали жангларда қатнашмаган ва Россия қўмондонлиги уларга қандай вазифа юклаши ҳозирча номаълум. Масалан, улар Украина ҳудудига ҳам ташланиши эҳтимоли бор.
NYTнинг таъкидлашича, Шимолий Корея қўшинлари 1950 йиллардан бери ҳарбий можароларда қатнашмаган ва шу сабабли ҳатто элита бўлинмаларининг жанговар қобилияти шубҳа уйғотмоқда.
Илгари Ғарб оммавий ахборот воситалари ва Жанубий Корея разведкаси КХДР ҳукумати Украина билан урушда Россияни қўллаб-қувватлаш учун ўз ҳарбийларини юборишга қарор қилгани ҳақида хабар берган эди. Разведка маълумотларига кўра, гап Шимолий Кореянинг 12 минг ҳарбий хизматчиси ҳақида бормоқда. Уларнинг бир қисми тайёргарлик кўриш учун аллақачон Узоқ Шарққа жўнатилган.
Пентагон раҳбари Ллойд Остиннинг айтишича, АҚШ Россияда Шимолий Корея ҳарбийлари борлиги ҳақида далиллар олган, аммо улар у ерда нима билан шуғуллангани номаълумлигича қолмоқда.
Владимир Путин Шимолий Корея аскарларининг Россия томонида урушда бевосита иштирок этишини тасдиқламаган, бироқ 24 октябрь куни БРИКС саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида журналистнинг КХДР ҳарбийлари борлигини кўрсатадиган сунъий йўлдош тасвирлари ҳақидаги саволига жавоб берган. «Суратлар — бу жиддий масала. Агар фотосуратлар мавжуд бўлса, демак, улар ниманидир акс эттиради», — деди Путин.