Липецкда ҳуқуқ-тартибот идоралари 2-сонли жазони ижро этиш колониясидан қочган олти маҳбусни қидирмоқда. Ҳодиса жума куни кечқурун содир бўлган, аммо ер ости йўли фақат шанба куни эрталаб аниқланган. Туннелнинг узунлиги 65 метрни ташкил этган. Қочоқлар ичкарида ўз нарсаларини қолдириб кетишган.
Тергов қўмитаси «бепарволик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган. Қочишга йўл қўйган колониянинг барча мансабдор шахслари жиноятда айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, бу ҳодиса уларнинг ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги туфайли юз берган.
Ишни текшириш ва қочқинларни ушлаш учун вақтинчалик қидирув постлари ўрнатилган, тегишли органлар хабардор қилинган, барча маҳкумлар ҳақидаги маълумотлар тарқатилган, ҳамда захира ва таъқиб гуруҳлари юборилган.
Липецк вилояти губернатори Игор Артамонов аҳолини ваҳимага тушмасликка чақирди ва қочиш билан боғлиқ кўплаб сохта хабарлар пайдо бўлишини кутаётганини таъкидлади.
Воқеадан сўнг тез орада «112» Telegram-канали гумон қилинаётган маҳбусларнинг исмларини эълон қилди:
Арслонов Дилшол, 1996 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилгани учун судланган;
Абдуллаев Турғун, 1997 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, номусга тегишда айбланиб судланган;
Жабборов Даврон, 1997 йилда Тожикистонда туғилган, номусга тегиш айби билан судланган;
Ғаниев Хуршидбек, 2005 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, гиёҳванд моддаларни тарқатиш моддаси бўйича судланган;
Жумаев Бахтиёр, 1996 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, номусга тегишда айбланиб судланган;
Тўрабоев Парвозбек, 2005 йилда туғилган, Ўзбекистон фуқароси, гиёҳванд моддаларни тарқатиш моддаси бўйича судланган.
Ҳозирги вақтда беш нафар маҳбус қўлга олингани маълум қилинган. Уларнинг иккитаси Тамбов вилоятида, яна иккитаси Липецк вилоятида ушланган. Кейинроқ Россия Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Ирина Волк бешинчи маҳбус ҳам ҳибсга олинганини маълум қилди. Қочқинларнинг охиргисини қидириш ишлари давом этмоқда.
Воқеа гувоҳи «Известия» газетасига жиноятчилар Тамбов қишлоғида спорт кийимида юрганини, бироқ қамоқхона бош кийимларини алмаштиришга улгуролмаганини айтиб ўтган. Дастлабки маълумотларга кўра, қўлга олинган икки қочоқ ҳам ўша колонияга қайтарилади.