Ўзбекистонда импорт автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби ўзгаради

O‘zbekiston

1 ноябрдан бошлаб импорт автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби ўзгаради. Транспорт воситалари божхонада эмас, балки Тошкент вилоятидаги махсус полигонда синовдан ўтказилади.

1 ноябрдан Ўзбекистонда четдан келтирилган автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби ўзгаради. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари Одилжон Тоҳиров ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

Хориждан олиб кириладиган транспорт воситалари божхона ҳудудида эмас, балки Тошкент вилоятидаги Пискент полигонида синовдан ўтказилади. Масъулнинг айтишича, бу янгиликдан мақсад - одамлар хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир.

У таъкидлаганидек, текширувлар хавфсизликнинг асосий кўрсаткичлари бўйича ўтказилади ва синов натижалари халқаро миқёсда тан олинади. Хусусан, бунинг учун БМТнинг транспорт соҳасидаги қоидаларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Синовлар ISO халқаро стандартлари ва Европа директиваларига мувофиқ ўтказилади.

Бундан ташқари, шу ҳафтада «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Улуғбек Розуков автомобилсозлик саноатида импорт ҳажми ҳамон сезиларли даражада юқори эканлигини таъкидлади. Келгуси йилда маҳаллийлаштириш жараёнига хусусий компанияларни жалб этган ҳолда тайёр маҳсулотлар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ҳажми 2 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Mavzuga oid materiallar