Литвада парламент сайловларида мухолиф партия ғалаба қозонди

Dunyo

Литва Сеймига (парламентига) бўлган сайловлар натижасига кўра, мухолифатдаги Социал-демократик партия ғалаба қозонди. Ҳукмрон партия, консерватив «Ватан иттифоқи — Литва христиан демократлари» икки турда мағлубиятга учради ва 28 ўрин билан иккинчи ўринни эгаллади.

Фото: Ситуатив / РИА Новости

27 октябрда ўтказилган Литва Сеймига (парламентига) сайловларининг иккинчи тур натижаларига кўра, мухолифатдаги Социал-демократик партия ғалаба қозонди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси маълумотлари гувоҳлик бермоқда.

28 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 00:30 ҳолатига кўра (Москва вақти билан 1:30) Социал-демократик партия 141 ўринли парламентда 52 ўринни қўлга киритди.

Ҳукмрон партия, консерватив «Ватан иттифоқи — Литва христиан демократлари» икки турда мағлубиятга учради ва 28 ўрин билан иккинчи ўринни эгаллади. Консерваторлар раҳбари Габриэлюс Ландсбергис партия раиси лавозимини тарк этиш ва Сеймнинг янги таркибидаги вакиллик ҳуқуқидан воз кечиш тўғрисидаги қарорини эълон қилди.

Кейинги ўринларни 20 ўрин билан «Неман тонги» партияси, 14 ўрин билан «Литва учун» демократик иттифоқи, 12 ўрин билан «Либераллар ҳаракати» ва 8 ўрин билан «Литва деҳқонлари ва яшиллар иттифоқи» эгаллади.

Литва Социал-демократик партияси раҳбари, 64 ёшли Вилия Блинкявичюте ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, мамлакат аҳолиси ўзгаришларни истаётганини таъкидлади.

«Сайлов натижалари шуни кўрсатдики, Литва халқи қаерда яшашидан қатъи назар — шаҳарларда, қишлоқларда ёки қўрғонларда — барчаси ўзгаришларни хоҳлайди. Улар бутунлай бошқача ҳокимиятни исташмоқда», — деди у.

Социал-демократик партия парламентда мутлақ кўпчиликни қўлга кирита олмади, шу сабабли Блинкявичюте «Литва учун» иттифоқи ва «Литва деҳқонлари ва яшиллар иттифоқи» билан биргаликда ҳукмрон коалиция тузиш ниятини билдирди. Бироқ Bloomberg таъкидлашича, бу режаларга юқорида тилга олинган икки партия раҳбарлари ўртасидаги муносабатлардаги кескинлик тўсқинлик қилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари Вилия Блинкявичютени мамлакатнинг навбатдаги бош вазири бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Журналистларнинг у ҳукуматга бошчилик қиладими, деган саволига жавобан социал-демократлар раҳбари президент билан биргаликда вазирлар маҳкамасини шакллантиришини айтди.

Вилия Блинкявичюте 2009 йилдан бери Европа парламенти депутати ҳисобланади. Илгари у Сейм депутати (2004-2009) бўлган ва Литва ижтимоий ҳимоя ва меҳнат вазири (2000-2004) лавозимида ишлаган.

Mavzuga oid materiallar