Парламент сайловларида ҳукмрон партия етакчилик қилмоқда — МСК

Янгиликлар

Марказий сайлов комиссияси парламент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилди. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 34,75 фоиз овоз билан пешқадамлик қилмоқда.

Фото: Максим Богодвид

28 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси сайловнинг дастлабки натижаларини маълум қилди.

Бутун мамлакат бўйлаб 15 миллион 27 минг 529 нафардан ортиқ сайловчи овоз беришда иштирок этди. Чет элда эса 140 минг 388 киши овоз берди.

Сайлов натижаларига кўра, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 34,75% овоз билан етакчилик қилмоқда. Унга 5 миллион 194 минг 4 нафар сайловчи овоз берган.

Қолган овозлар қуйидагича тақсимланди:

  • «Миллий тикланиш» демократик партияси — 18,82% (2 миллион 812 минг 493 нафар сайловчи);

  • Ўзбекистон Экологик партияси — 13,12% (1 миллион 960 минг 764 нафар сайловчи);

  • Ўзбекистон Халқ демократик партияси — 17,11% (2 миллион 558 минг 16 нафар сайловчи);

  • «Адолат» социал-демократик партияси — 16,20% (2 миллион 420 минг 857 нафар сайловчи).

Фото: МСК ахборот хизмати

Сайловда иштирок этиш даражаси 74,72 фоизни ташкил этди. Сайловлар ўтган деб эътироф этилди. Мамлакат тарихида илк бор сайловлар аралаш сайлов тизими асосида ўтказилди.

Mavzuga oid materiallar