Олтита автомашина жарима майдонига жўнатилди, 10 нафар фуқаро 10 суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди, бир нафар ҳуқуқбузар жаримага тортилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ йигит ва қизлар гуруҳ бўлиб ҳаракатланаётган автомобиллардан ташқарига чиқиб олган видеоси пайдо бўлганди.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ матбуот хизматининг маълум қилишича, видеода акс этган ҳодиса ўрганиб чиқилган. Тезкор тадбир давомида Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарларнинг 5 та, Қашқадарё вилоятида 1 та автомашинаси аниқланган.
Ушбу автомашиналар ҳайдовчиларига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, машиналар жарима майдонига жўнатилди.
Бўстонлиқ тумани ИИБ ходимлари суриштирувни давом эттириб, автомашиналарнинг дераза ва люкларидан чиқиб олган фуқароларнинг шахсини аниқлашди.
Суд ушбу ишни кўриб чиқиб, ҳукм чиқарди: ҳуқуқбузарлик содир этган 10 нафар фуқаро 10 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Яна бир ҳуқуқбузар жаримага тортилди.