Мухолифат Грузия ҳукмрон партиясини сайловларни сохталаштирганликда айбламоқда: Тбилисида норозилик намойишлари

Dunyo

28 октябрь куни кечқурун Грузия пойтахти Тбилисида мамлакат президенти Саломе Зурабишвилининг чақириғига биноан норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Президент парламент сайловлари натижаларини тан олмаган ҳолда, уларни сохталаштирилган деб эълон қилганди.

Саломе Зурабишвили намойишчилар билан гаплашмоқда 28.10.2024 | Фото: Reuters

Грузия президенти Саломе Зурабишвили 26 октябрда ўтказилган парламент сайловлари натижаларини тан олмаслигини маълум қилди. У буни «Россия сайловлари» деб атади ва ҳукуматни фуқароларни сайлаш конституциявий ҳуқуқидан маҳрум қилганликда айблади.

27 октябрь куни кечқурун президент фавқулодда баёнот билан чиқиб, ғарбпараст қарашлар тарафдорларини 28 октябрь куни Тбилисининг марказий кўчасида сайловларни сохталаштирганликка қарши норозилик билдиришга чақирди.

«Бу ялпи сохталаштириш ва овозларингизни ўғирлаш эди. Бошқа мамлакатларда кўрган барча усуллардан фойдаланилди. Бундан ташқари, сохталаштиришни яшириш учун замонавий технологиялар қўлланилди. Илгари бундай ҳолат кузатилмаган эди. Биз Россиянинг махсус операцияси, халқимиз ва мамлакатимизга қарши гибрид урушининг гувоҳи ва қурбонига айландик», — деди Саломе Зурабишвили.

Грузия мухолифати, президент сингари, «Грузия орзуси» партиясининг парламент сайловларидаги ғалабасини тан олмайди, чунки овоз бериш жараёни қоидабузарликлар билан ташкил этилган ва натижалар сохталаштирилган, деб ҳисоблайди. Парламентга сайланган мухолифатчи депутатларнинг бир қисми ўз мандатларидан воз кечганини эълон қилди.

Беш фоизлик тўсиқни енгиб ўтган тўртта ғарбпараст партия, жумладан, собиқ президент Михаил Саакашвилининг «Ягона миллий ҳаракат» партияси «Грузия орзуси» раиси, миллиардер Бидзина Иванишвили грузин халқининг ғалабасини ва Грузиянинг Европадаги келажагини ўғирлаганини таъкидламоқда. Мухолифатчилар норозилик намойишлари ўтказишларини эълон қилишди.

«Бу ўғирланган сайловлар, бу ҳокимиятни тортиб олиш ва Грузияда конституциявий тўнтаришдир. Бундай бўлмайди. Бу Россия эмас, бу Венесуэла эмас, бу Грузия,» — деди «Ўзгаришлар учун коалиция» етакчиси Ника Гварамия. У расмий маълумотларга кўра, овозлар сони бўйича иккинчи ўринни эгаллади.

Қизиғи шундаки, овозларни санаш якунлангач, Грузия Марказий сайлов комиссияси 27 октябрь куни ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси 54 фоиз овоз тўплаганини, тўртта мухолифатчи партия эса жами сайловчиларнинг 37,3 фоиз овозини қўлга киритганини эълон қилди. Шу билан бирга, «Грузия орзуси» барча йирик шаҳарларда, шу жумладан Тбилисида, шунингдек, хориждаги сайлов участкаларида мухолифатга ютқазди. Аммо расмий маълумотларга кўра, партия этник озчиликлар яшайдиган туманларда мухолифатни ишончли тарзда мағлуб этди.

Митинг 28 октябрь куни кечқурун ўтказилиши режалаштирилди. Маҳаллий вақт билан соат 19:00 дан кейин намойишчилар Миллий мажлис биноси олдида тўпланишди. «Спутник Грузия» маълумотларига кўра, митингга минглаб одам келган. RTVI мухбирининг хабар беришича, уларнинг аксарияти Грузия ва Европа Иттифоқи байроқлари билан келган.

Фото: Александр Патрин

Шу билан бирга, мухолифатчи партиялар раҳбарлари парламент биноси яқинида жойлашган Тбилиси Марриотт меҳмонхонасида хорижий дипломатлар билан учрашди. Айни пайтда, Венгрия бош вазири Виктор Орбан Тбилисига ташриф буюрди.

Грузия президенти ҳам митингга ташриф буюриб, намойишчилар олдида нутқ сўзлади. У ҳозир умидсизликка тушиш ва бўйсуниш вақти эмаслигини таъкидлади. Давлат раҳбари Грузия фуқароларининг овозларини ҳимоя қилишга чақирди.

«Бу ерда турганларнинг барчасига айтмоқчиманки, сиз сайловда ютқазмагансиз. Уларни ўғирлашди ва сизнинг келажагингизни ўғирлашга уриндилар. Лекин бунга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Сиз ҳеч кимга бундай қилишга йўл қўймайсиз», — деди Зурабишвили.

Мухолифат коалициялари вакиллари халқаро сайлов комиссияси назорати остида навбатдан ташқари сайлов ўтказишни талаб қилишди. Бунгача улар ҳукмрон партия билан музокара олиб боришдан бош тортмоқда.

Mavzuga oid materiallar