Фарғона вилояти Данғара туманида 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловда участка сайлов комиссияси аъзоси бўлиб ишлаган фуқаро А.М. сайлов қонунчилигини бузганлиги учун жаримага тортилди. 29 октябрь куни жиноят ишлари бўйича туман суди ушбу иш бўйича маъмурий ишни кўриб чиқди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» Олий суд порталига асосланиб.
Ҳужжатда қайд этилишича, А.М. 541-сонли участка сайлов комиссияси аъзоси сифатида овоз бериш тартибини бузиб, фуқаро М.М.га бошқа шахслар номидан овоз бериш учун тўрттадан ортиқ сайлов бюллетенини берган. Берилган бюллетенлар сони аниқ кўрсатилмаган.
Ўтган сайловда сайловчилар тўртта сайлов бюллетенини тўлдиришлари лозим эди: Қонунчилик палатасининг бир мандатли сайлов округи учун, Қонунчилик палатасининг ягона сайлов округи учун, вилоят кенгаши депутатлари сайлови учун ҳамда туман ёки шаҳар кенгаши депутатлари сайлови учун.
Участка сайлов комиссияси аъзосининг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-10-моддасида (сайлов бюллетенларини бериш тартибини бузиш) назарда тутилган қоидабузарлик сифатида баҳоланди.
Судда А.М. ўз айбини тан олди ва овоз бериш жараёнини тезлаштирмоқчи бўлганини айтиб, пушаймон бўлди.
Суд А.М.нинг қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзанди борлигини енгиллаштирувчи ҳолат сифатида инобатга олиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (375 минг сўм) миқдорида давлат фойдасига жарима солишга қарор қилди.
541-участканинг 20 та бюллетени ҳақиқий эмас деб топилди ва бекор қилинди.