Ўтган ҳафта Вашингтонда Жаҳон банки гуруҳининг йиллик йиғилишлари доирасида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон ҳукумати, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, шунингдек, АҚШ, Қозоғистон ва ЖСТга аъзо бошқа мамлакатларнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар сўнгги ойларда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлида эришган ютуқларини қайд этдилар ва аъзоликнинг потенциал афзалликларини, шу жумладан ташқи савдони ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қўшимча инвестицияларни жалб қилиш ва иқтисодий ўсишни таъкидлади.
Ўзбекистон аллақачон ЖСТга аъзо қатор давлатлар билан музокаралар олиб борган ва 2026 йилда ташкилотга аъзо бўлишни мақсад қилган. Мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар доирасида иқтисодиётни либераллаштириш ва қонунчиликни ЖСТ стандартларига мувофиқлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни билан боғлиқ мавжуд муаммолар ва имкониятлар муҳокама қилинди. Иштирокчилар ташкилотга аъзо бўлиш мамлакатнинг келгусидаги глобал савдодаги иштирокига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигини таҳлил қилди. Бўлажак ишларнинг салмоқли ҳажмига қарамай, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш мақсадига содиқлиги ва кенг кўламли халқаро қўллаб-қувватлаш, шу жумладан Жаҳон банкининг техник ёрдами бу мақсадга эришиш имконини бераётгани таъкидланди.