Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятидаги қайси корхоналарга ташриф буюрди?

O‘zbekiston

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига ташрифини мамлакатни водород пероксидига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплайдиган заводга ташрифдан бошлади. Давлат раҳбари қурилаётган кимё технопарки ва саноат зонасида ҳам бўлди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни Навоий вилоятига келди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари Навоий шаҳридаги Uzbekistan hydrogen peroxide қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.

Қиймати қарийб 30 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Германия, Италия ва Швециядан завод қурилиб, ускуналар ўрнатилди. 80 га яқин киши иш билан таъминланган. Корхона йилига 30 минг тонна водород пероксид ишлаб чиқариш қувватига эга.

Давлат раҳбари корхонадаги технологик жараённи кўздан кечирди, мутахассислар билан суҳбатлашди.

«Ҳар бир лойиҳадан мақсад — юқори даромад, қўшилган қиймат. Бу корхона шу жиҳатдан маъқул. Энди ишлаб чиқариш барқарорлиги, харидорлар ишончи учун буни кафолатланган хомашё билан таъминлаш керак. Маҳаллийлаштириш дастури асосида қулай шартларда кредит ажратиш ҳам мумкин», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга бундай лойиҳаларни кўпайтириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилди.

Сўнг Президент Кармана туманида қурилаётган кимё технопаркига ташриф буюрди. Хитойлик тадбиркорлар Навоий вилоятида Zarafshon industrial technology кимёвий технопаркини ташкил этиб, унга 130 гектар ер майдони ажратмоқда. Бу ерда умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд 18 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Давлат раҳбарига технопаркда амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, 1 миллион тонна сульфат кислота (150 миллион доллар), 50 минг тонна каустик сода (120 миллион доллар) ва 100 минг тонна фталоцианин (135 миллион доллар) ишлаб чиқарадиган корхоналар қурилиши бошланди.

Давлат раҳбари Навоий вилоятида режалаштирилган янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан ҳам танишди.

Сўнгги етти йилда вилоятга 3,5 миллиард доллардан зиёд инвестиция жалб қилиниб, 64 минг 700 та иш ўрни яратиш ва йилига 1,2 миллиард долларлик экспорт салоҳиятини таъминлаш имконини берди. Жорий йилда умумий қиймати 2,1 миллиард долларлик 577 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 26,8 миллиард долларлик юздан ортиқ стратегик ва йирик лойиҳалар шакллантирилган. Улардан 12 таси Президентга тақдим этилди.

Лойиҳаларга АҚШ, Франция, Германия, Австрия, Россия, БАА, Қатар, Хитой, Япония, Корея ва Туркия компаниялари сармоя киритмоқда. Ушбу ташаббуслар кимё, энергетика, тоғ-кон саноати, электротехника, тиббиёт, қурилиш, тўқимачилик ва енгил саноат каби соҳаларни қамраб олади.

Масалан, Хитой билан ҳамкорликда Кармана туманида йилига 2,5 миллиард сўмлик юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. Гап кимёвий маҳсулотлар ва қурилиш материалларига ихтисослашган саноат парки, шунингдек, шамол генераторлари учун парраклар ишлаб чиқарадиган завод ташкил этиш ҳақида кетмоқда.

Худди шу ҳудудда Россия билан ҳамкорликда озиқ-овқат саноати учун алюминий идишлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Туркия билан ҳамкорликда Конимех туманида йилига 370 минг тонна фосфорит қазиб олиш ва қайта ишлаш, шунингдек, фосфор кислотаси ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ташкил этилади. Австрия билан Навоий шаҳрида 170 минг тонна натрий тузи ва каустик сода ишлаб чиқариш лойиҳаси режалаштирилган.

Президент ташаббускорларга ташкилий-молиявий масалаларда кўмаклашиш, лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Mavzuga oid materiallar