Дмитрий Медведев рус тилини билмайдиган мигрант болаларни мактабга олмасликка чақирди

O‘zbekiston

Дмитрий Медведев рус тилини билмайдиган мигрант болаларни мактабларга қабул қилишни тўхтатиш вақти келганини айтди, чунки бу умумий таълим даражасига путур етказмоқда. Алишер Қодиров Россия сиёсатчисининг сўзларига муносабат билдирди.

Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев давлат миграция сиёсати масалаларига бағишланган йиғилишда рус тилини билмайдиган мигрант болаларини мактабларга қабул қилишни тўхтатишга чақирди.

Унинг айтишича, бу Россиядаги умумий таълим даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда.

«Ижтимоий муассасалар, хусусан мактаблар ва бошқа ўқув масканлари ҳақида тез-тез муҳокама қилинадиган вазият мавжуд. У ерларга амалда рус тилини билмайдиган болалар келиб қолганида, таълимнинг умумий даражаси зарар кўрмоқда. Бу ҳаммага маълум ва бунга чек қўйиш вақти келди. Бу ҳаммага маълум ва бунга барҳам бериш вақти келди», — деди у.

У Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази маълумотларига кўра, аҳолининг 70 фоизи миграция сиёсатини қаттиқлаштиришни ёқлаб чиқаётганини таъкидлади.

«Одамлар айрим мигрантлар ва улар доирасидаги шахсларнинг ярамас хатти-ҳаракатларидан чарчашди. Бунга барҳам бериш керак», — деди Медведев.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров амалдорнинг сўзларига изоҳ бериб, болаларга нисбатан бундай шафқатсизлик келажакда рус тилига бўлган муносабатни шакллантиришини таъкидлади.

«Ўзбекистонда рус тилини оммалаштиришга самарасиз сарфланаётган маблағлар Россиядаги ўзбекистонликларга рус тилини ўргатишда кўпроқ фойда бериши мумкин эди», — деди у.

Mavzuga oid materiallar