Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида янги олий таълим муассасаси — Навоий давлат университети очилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Қарор ҳудуднинг тармоқ ва йўналишларини ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиниб, узлуксиз таълим тизимини яратиш, илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган.
Аниқ ва табиий фанлар, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, иқтисодиёт, бизнес ва туризм, инвестицияларни бошқариш, қишлоқ хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, логистика каби талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш университет фаолиятининг асосий жиҳатларидан бири бўлади.
Навоий давлат педагогика институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишни университетда давом эттиради. 2024/2025 ўқув йилини тамомлаган талабалар университет дипломига эга бўлади.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб университет хорижий мамлакатлар ва Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан иккита диплом топшириш асосида қўшма таълим дастурларини ишга туширади, бу эса талабаларга янада чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлиш, шунингдек, келажакдаги карьера учун дунёқараши ва истиқболларини кенгайтириш имконини беради.