Ўзбекистонда 8 та чиқинди ёқиш заводи ишга туширилади

O‘zbekiston

Ўзбекистонда Хитой ва БААнинг йирик компаниялари билан қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича саккизта завод қуриш бўйича битимлар имзоланди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистонда Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларининг йирик компаниялари билан қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича саккизта завод қуриш бўйича битимлар имзоланди. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 1,28 миллиард долларни ташкил этади.

Ушбу корхоналар йилига 4,7 миллион тоннадан ортиқ чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга бўлиб, қарийб 97 миллион долларлик 2,1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида чиқиндихоналар сони 5 баробар қисқаради, иссиқхона газлари ташламалари 2,4 миллион тоннага камаяди, шунингдек, 152 миллион куб метр табиий газ тежалади.

Заводлар Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида, шунингдек, пойтахтда қурилади. Қурилиш ишлари 2025 йил январда бошланади, фойдаланишга топшириш эса 2026 йил декабрга мўлжалланган.

Хитойнинг China CAMC Engineering компанияси Тошкент ва Андижон вилоятларида йилига 1,38 миллион тонна чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга иккита завод қуради. Бу 36 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаб, полигонлар сонини 50 фоизга қисқартиради.

Хитойнинг Shanghai sus Environment компаниясининг Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари учун лойиҳаси йилига 1,095 миллион тонна чиқиндиларни қайта ишлаш, 480 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 27 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

«China Everbright Group» компанияси Наманган ва Фарғона вилоятларида 1,095 миллион тонна чиқиндиларни қайта ишлаш ва 455 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган заводларни қуришни режалаштирмоқда.

Жиззах вилоятидаги Chengdu Environmental Group лойиҳаси чиқиндиларни қайта ишлаш ва қурилиш материаллари ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарадиган заводни ташкил этишни назарда тутади. Бу 230 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 13 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради.

Бирлашган Араб Амирликларининг «Tadweer Group» компанияси Бухоро вилоятида қиймати 200 миллион доллар бўлган, 547,5 минг тонна чиқиндини қайта ишлайдиган ва 21 минг хонадон учун 363 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган завод қуради.

Mavzuga oid materiallar