Сенат аъзолари қачон сайланиши маълум бўлди

O‘zbekiston

МСК Олий Мажлис Сенати аъзолари сайлови бошланадиган санани эълон қилди. Маълум қилинишича, сайлов натижалари икки кун ичида Марказий сайлов комиссиясига юборилиши керак.

Фото: senat.uz

7-12 ноябрь кунлари Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар маҳаллий кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 2 ноябрь куни Марказий сайлов комиссияси мажлисида МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев маълум қилди.

Маълум қилинишича, сайлов натижалари икки кун ичида Марказий сайлов комиссиясига юборилиши керак. Конституцияга мувофиқ, ваколатлари муддати тугагач, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати янги чақириқ Қонунчилик палатаси ва Сенати иш бошлагунига қадар ўз фаолиятини давом эттиради.

Сенат аъзолари сайлови Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови ўтказилганидан кейин 1 ойдан кечиктирмай ўтказилади.

Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ва тегишли маҳаллий Кенгашларнинг қўшма мажлисида амалга оширилади.

Mavzuga oid materiallar