Қўқонда террор ташкилотининг 11 нафар тарафдорига нисбатан ҳукм чиқарилди

O‘zbekiston

ДХХ Фарғона вилоятида яшовчи 24-44 ёшдаги 11 нафар шахсни қўлга олди. Эркаклар «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти тарафдорлари бўлган. Гуруҳ аъзоларига 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Фото: кадр из репортажа / XAVFSIZLIK

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Қўқон шаҳрида «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилоти тарафдорлари фаолиятига чек қўйилди.

Гуруҳ таркибига Қўқон шаҳри ва Ўзбекистон туманида яшовчи 24 ёшдан 44 ёшгача бўлган 11 киши киритилган. Улар орасида турли касб эгалари: масъулияти чекланган жамиятда менеджер, газ қуйиш шохобчасида бош механик бўлиб ишлаган, шунингдек, хусусий тадбиркорлик, ошпазлик, устачилик, киракашлик билан шуғулланган шахслар бор.

2021-2023 йиллар давомида ноқонуний гуруҳ аъзолари Қўқон шаҳрида жойлашган чойхоналарда «шанбалик ошлар» ниқоби остида йиғинлар ташкил этиб, унда Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий, Яхё Туркистоний ва бошқаларнинг жиҳод ҳамда шаҳидликка, ислом давлати қуришга чорловчи, диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларини эшитишлари натижасида динга мутаассибларча берилиб, экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаб келишган.

Шунингдек, мамлакатда амалда бўлган давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва «Ҳалифалик» давлати қуришга қаратилган ғояларни ўзаро муҳокама қилишган.

Бундан ташқари, улардан 2 нафари ўзаро тил бириктириб, ҳозирда Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этиб келаётган қўқонлик Жасур исмли шахсга моддий ёрдам бериш мақсадида 2023 йилнинг июль ва август ойларида жами 3000 доллар миқдорида пул маблағи юборишган.

Жамоат аъзолари ўз сафларини кенгайтириш учун йиғинларга бошқа фуқароларни ҳам жалб қилиб, уларнинг онгига экстремистик ғояларни сингдиришган. Телеграм мессенжерида ташкил этилган гуруҳда ўзаро маълумотлар алмашиниб, навбатдаги йиғин вақти ва жойи эълон қилиб борилган.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг ҳукмига кўра, мазкур ноқонуний гуруҳ аъзолари тегишлилиги бўйича Жиноят Кодексининг 155-3, 159, 244-1 ва 244-2-моддалари билан айбли деб топилиб, уларга нисбатан 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Гуруҳ аъзоларига 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Mavzuga oid materiallar