2025 йилнинг ёзида Тошкентдан Иссиқкўлга поездлар қатнашни бошлайди

O‘zbekiston

МДҲга аъзо давлатлар Темир йўл транспорти кенгашининг 81-йиғилишида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбарияти Туркманистон, Беларус, Қирғизистон ва Эрон темир йўл маъмуриятлари вакиллари билан музокаралар ўтказди. Учрашувлардан бирининг натижасида 2025 йилнинг ёз мавсумида Тошкентдан Иссиқкўлга поезд қатновини йўлга қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Фото: АО «Узбекистон темир йуллари»

Ўтказилган музокараларда темир йўл маъмуриятлари раҳбарлари «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси Зуфар Нарзуллаев ва соҳанинг барча ходимларини юбилей билан табриклади: 7 октябрь куни компания ташкил этилганининг 30 йиллигини нишонламоқда.

Учрашувлар тафсилотлари «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Ахборот-таҳлил медиа маркази томонидан тақдим этилди.

Хусусан, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаев «Қирғиз темир йўли» давлат корхонаси раҳбари Азамат Сакиев билан учрашувда юк ташиш ҳажмини кўпайтириш ва тариф чегирмаларини қўллаш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида кўмир, цемент ва бошқа товарларни ташиш учун «Темирйўлкарго» АЖ юк вагонлари паркларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар 2025 йилнинг ёзида Тошкент - Балиқчи йўналиши бўйича сайёҳлик поездларини ишга туширишга келишиб олдилар, бу эса Иссиқкўлга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Зуфар Нарзуллаев Туркманистон Темир йўллар агентлиги раиси Азат Атамурадов билан юк ташувларини кенгайтириш, темир йўл ташувлари тарифларининг амал қилиш муддатини узайтириш ҳамда юк ва йўловчи вагонлари паркини модернизация қилиш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди.

Транзит ташишларни кўпайтириш учун рақобатбардош тарифларни жорий этиш ва вагонлардан самарали фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Эрон темир йўллари бошқаруви раиси Жаббор Али Закарий билан учрашувда юк ташишни кўпайтириш ва халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон йўналиши бўйича юк оқимини оширишга келишиб олдилар.

Беларус темир йўллари раҳбари Валерий Веренич билан ҳаракат таркибини янгилаш ва халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бозор эҳтиёжларини ўрганиш ва юк ташишларни оптималлаштиришга қаратилган юк вагонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун қўшма маркетинг тадқиқотларини ўтказишга қарор қилинди.

Mavzuga oid materiallar