Чорвоқда икки кишини босиб ўлдирган гидроцикл ҳайдовчиси уч йилга қамалди

O‘zbekiston

Июль ойида Чорвоқ шаҳрида 19 ёшли йигит гидроциклда уч дам олувчини уриб юборган, улардан иккитаси ҳалок бўлган. Суд уни уч йилга озодликдан маҳрум қилди.

Аввалроқ Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида гидроцикл катамаранга қулаб тушиши оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эдик.

Ҳодиса 20 июль куни соат 13:30 атрофида Чорвоқ сув омборида содир бўлган. 19 ёшли йигит Ямаҳа гидротциклини тегишли ҳужжатларсиз бошқарган, у пляж зонасидан узоқда соатига 40 км тезликда ҳаракатланган.

Эҳтиётсизлик туфайли у катамаран ёнида йўналишни кескин ўзгартирди ва катамаран бортида чўмилаётган уч кишини уриб юборди. Улардан икки нафари воқеа жойида вафот этган, учинчиси енгил тан жароҳати олиб, шифохонага мурожаат қилган.

Суд мажлисида Ф. К. айбига иқрор бўлиб, бахтсиз ҳодиса эҳтиётсизлик оқибатида содир бўлганини маълум қилди. У ҳалок бўлганларнинг қариндошларидан кечирим сўради.

Суд 19 ёшли йигитни Жиноят кодексининг 260-моддаси 3-қисми (темирйўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспорти ҳаракати ёки ундан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан айбдор деб топиб, уч йилга озодликдан маҳрум қилди.

Mavzuga oid materiallar