Тошкент метросининг тўққизта бекатида ҳожатхоналар пайдо бўлиши мумкин

O‘zbekiston

«Тошкент метрополитени» АЖ 9 та ҳожатхона ҳамда она ва бола хоналари қурилиши ҳақида маълум қилди. Яқинда ижтимоий тармоқларда йўловчилардан бири «Пахтакор» бекати перронида ҳожатини чиқараётгани тасвирланган видео тарқалганди.

Фото: Видеодан кадр / «Тошкент метрополитени»

Сўнгги йилларда Тошкент метрополитенида йўловчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш бўйича бир қатор режали ишлар амалга оширилганини «Тошкент метрополитени» АЖ матбуот хизмати маълум қилди.

«Жумладан, бир муддат олдин пойтахтнинг «Чилонзор» метро бекатида синов тариқасида она ва бола хонаси ҳамда ҳожатхона фойдаланишга топширилган эди. Бу қулайлик йўловчилар томонидан илиқ кутиб олинди ва синов жараёнлари ўз натижасини берди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, бошқа бекатларга нисбатан йўловчилар гавжум бўлган яна 9 та метро бекатида она ва бола хоналари ҳамда ҳожатхоналар қуриш бўйича зарур ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда йўловчилардан бири «Пахтакор» бекати перронида ҳожатини чиқараётгани тасвирланган видео тарқалганди.

Mavzuga oid materiallar