Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига бағишланган йиғилишда сув хўжалигидаги самарадорликни ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Келгуси йилда каналлар ва котлованларни бетонлаштириш учун 800 миллиард сўм ажратилади. Ҳокимларга фермерлар ва кластерлар билан ҳамкорликда 1 апрелга қадар 15 минг километр ички ариқларни бетонлаштириш вазифаси топширилди. Шунингдек, 2025 йил сув хўжалиги соҳасида «Насослар самарадорлигини ошириш йили» деб эълон қилинди.
Илгари Қорақалпоғистонда ерларни лазер ёрдамида текислаш учун жорий этилган субсидиялаш тизими Хоразм вилоятида ҳам қўлланилади ва ҳар бир гектар учун 1 миллион сўм субсидия берилади. Келгуси йилда сув тежовчи технологияларга 700 миллиард сўм субсидия ва 2,5 триллион сўм кредит йўналтириш режалаштирилмоқда. Қўшимча равишда 10 та тошқин сув омборини қуриш ишларини бошлаш бўйича кўрсатма берилди.