ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бўлими коррупцияга қарши кураш доирасида тезкор тадбирлар ўтказди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Каттақўрғон тумани давлат солиқ инспекциясининг 43 ёшли инспектори М.Р. фуқаронинг 11,5 миллион сўмлик солиқ қарзи тўғрисидаги маълумотларни электрон маълумотлар базасидан ўчириб, қарзни тўлаш ҳақидаги сохта ҳужжат бериш эвазига ушбу туман фуқаросидан 6 миллион сўм талаб қилган. У пулни олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Самарқанд шаҳар Мудофаа ишлари бошқармаси сафарбарлик захираси отряди бошлиғи, 52 ёшли С.И. ва унинг 33 ёшли ёрдамчиси Ф.Э. жиноий тил бириктириб, АҚШга кетган Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаронинг сафарбарлик захирасида хизмат қилганлиги тўғрисидаги қалбаки ҳарбий гувоҳнома бериш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилишган. Улар келишилган маблағни олаётганда қўлга олинган.
Шунингдек, Миллий гвардия Пахтачи туманлараро қўриқлаш бўлимининг 26 ёшли офицери Ш.А. «Қорақўтон олтин кони» ҳудудидаги 25-сонли кондан олтин таркибли жинсни қазиб олиш учун шароит яратиб бериш эвазига 8 миллион сўм ва 600 доллар талаб қилган. У 600 доллар олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Кадастр палатаси Нарпай тумани бўлимининг 26 ёшли муҳандиси С.Ш. фуқаронинг яқин қариндоши номига турар жой учун кадастр ҳужжатини бериш эвазига 700 АҚШ доллари талаб қилган ва пул олаётган вақтда қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.