Ўзбекистонда вақтинча сақлаш ҳибсхоналари тўлиб кетди — Олий суд раиси

O‘zbekiston

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов прокурорнинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномалари судлар томонидан оммавий равишда қаноатлантирилаётганини маълум қилди. Натижада Ўзбекистондаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари тўлиб кетган.

9 ноябрь куни Олий суд раиси Бахтиёр Исломов бошчилигидаги судьялар Адвокатлар палатаси раиси Шуҳрат Содиқов ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган адвокатлар билан очиқ мулоқот ўтказди, деб хабар қилди Олий суд матбуот хизмати.

Олий суд матбуот хизматининг хабар беришича, мулоқот давомида ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлашда юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари, одил судловга эришишда адвокатларнинг ўрни ва ролини янада ошириш, суд мажлисларида тортишув тамойилига тўлиқ риоя этиш масалалари аниқланди. Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни бартараф этишга тўсқинлик қилаётган омиллар юзасидан зарур таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

«Адвокат» журналининг расмий телеграм канали ҳам учрашувда иштирок этган ҳуқуқшунослар томонидан кўтарилган айрим масалалар тафсилотларини маълум қилди.

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов судьяларга қатъият етишмаслигини айтди. Унинг маълум қилишича, адвокат сўровига жавоб бермаган ёки етарли жавоб бермаган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилмайди, адвокат сўровига жавоб беришга ваколати бўлмаган ходимлар, масалан, ёрдамчилар жавобгарликка тортилади. «Бизнинг судьяларимизда ҳақиқий айбдорни жазолаш учун қатъият етишмаяпти», — деди Олий суд раиси.

Олий суд раиси республикада судья кадрларга эҳтиёж йўқлигини, ҳар йили етарли миқдорда судьялик лавозимлари очилишини, бироқ судьяларнинг малакаси етарли даражада эмаслигини эътироф этди.

Шунингдек, Бахтиёр Исломов судлар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаларни деярли тўлиқ қаноатлантираётганини таъкидлади.

Олий суд раиси «изоляторлар тўлиб кетганини» маълум қилди. Бахтиёр Исломовнинг сўзларига кўра, бундай ҳолат илк бор 2001 йилда кузатилган.

Ўшанда ИИБдаги шароитларни ўрганиш бўйича идоралараро комиссия тузилган эди. Шунга ўхшаш ҳолат ҳозир ҳам содир бўлмоқда. Аммо муаммо янги тергов изоляторларини қуриш орқали ҳал қилинмаслиги керак," - деди Олий суд раиси.

Маълум бўлишича, йиғилишда адвокат Баҳром Саломов прокуратура зиммасига аниқ вазифалар юклашни таклиф қилган, масалан, эҳтиёт чорасини қўллашда суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш учун гумон қилинувчи терговдан бўйин товлаши ёки гувоҳларга босим ўтказиши мумкинлигини исботлаш.

Mavzuga oid materiallar