Поп тумани ҳокимининг ўғли электр энергияси ўғирлаш иши бўйича қамоққа қайтарилди

O‘zbekiston

Поп тумани ҳокимининг ўғли Ғулом Султонов 200 млн сўмдан ортиқ электр энергиясини ўғирлагани учун 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган эди. Аввалроқ апелляция суди жазони енгиллаштирган бўлиб, уни озодликни чеклашга алмаштирганди. Бу эса жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Назорат органи дастлабки ҳукмни ўз кучида қолдирди.

8 ноябрь куни Наманган вилоят суди Поп тумани ҳокими ўғли Ғулом Султоновнинг ишини назорат тартибида кўриб чиқди, деб хабар бермоқда Kun.uz.

Султонов ўз фермер хўжалигига қарашли чорвачилик мажмуаси ва сут цехини ўзбошимчалик билан тармоққа улаб, йирик миқдорда электр энергиясини ўғирлаганликда айбдор деб топилди. Султоновнинг ҳаракатларидан етказилган зарар 200 миллион 326 минг 500 сўмга баҳоланди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси бўйича Уйчи туман суди уни 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этди.

Бироқ Наманган вилоят судининг апелляция инстанцияси ҳукмни ўзгартириб, жазони уч йиллик озодликни чеклашга енгиллаштирди. Шу билан бирга, худди шу модда билан айбланган бошқа бир фуқаро учун суд ҳукмни ўзгаришсиз қолдириб, 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилади. Бу ҳолат жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.

Кейинчалик вилоят прокуратураси Султонов иши бўйича апелляция инстанциясининг қарорига протест билдирди ва назорат суди биринчи инстанция ҳукмини тиклаб, апелляция қарори бекор қилинди.

Султонов суд залида қамоққа олинди. Аввал ўтаган қамоқ муддати ва озодликни чеклаш вақтини ҳисобга олган ҳолда, у яна 1 йил, 8 ой ва 22 кунни қамоқда ўтказиши керак бўлади.

Mavzuga oid materiallar