АҚШ Регистон майдони меъморчилигини сақлаш учун $500 минг ажратади

O‘zbekiston

АҚШ Самарқанддаги Регистон майдонидаги меъморий ёдгорликларни консервация қилиш учун $500 минг ажратади.

13 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтган АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқотида иқтисодий ҳамкорлик ва инсон ҳуқуқлари масалалари муҳокама қилинди. АҚШ Давлат департаменти Самарқанддаги Регистон майдони меъморчилигини сақлаб қолиш тадбирлари учун 500 минг доллар ажратилишини эълон қилди.

Делегациялар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини илгари суриш ва аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга келишиб олдилар. Бундан ташқари, АҚШ Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Томонлар Ўзбекистоннинг энг муҳим фойдали қазилмаларини қазиб олиш ва газ инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо ва инвестицияларни диверсификация қилишни давом эттириш, қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни илгари суриш каби масалаларни ҳам муҳокама қилдилар. «C5+1» форматидаги конструктив ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунида томонлар 2025 йилда Тошкентда Кенгайтирилган стратегик шериклик бўйича биринчи АҚШ-Ўзбекистон мулоқотини ўтказишга келишиб олдилар.

Mavzuga oid materiallar