Бошқарув компаниялари шартномаларида истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланди

O‘zbekiston

2024 йилнинг январь-октябрь ойларида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига бошқарув компаниялари (кейинги ўринларда — БК) устидан 8434 та шикоят келиб тушган. Аҳоли ҳисоботларнинг шаффоф эмаслиги, ноқонуний жарималар ва кўрсатилмаган хизматлар учун тўловлардан шикоят қилмоқда, БКлар эса шартномаларга қонунга зид шартларни киритмоқда. Қўмита аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифларни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига юборди.

Фото: Vzglyad.uz

Ўзбекистондаги кўп квартирали уйларнинг бошқарув компаниялари (БК) шартномаларида истеъмолчилар ҳуқуқларини бузувчи қоидалар аниқлангани ҳақида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

2024 йилнинг январь-октябрь ойларида қўмитага уй-жой коммунал хўжалиги, қурилиш ва транспорт билан боғлиқ 8434 та шикоят келиб тушган бўлиб, шундан 380 таси кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатишга тааллуқли. Аҳоли мулкдорларнинг умумий йиғилишлари ўтказилмаслиги, бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларнинг шаффоф эмаслиги, ҳисоботларнинг онлайн тарзда мавжуд эмаслиги ва кўрсатилмаган хизматлар учун асоссиз тўловлар ундирилётгани ҳақида шикоят қилган.

Текширув натижасида айрим БКлар шартномаларига қонунга зид ва фуқароларнинг ҳуқуқларини камситувчи шартлар киритилгани аниқланди. Масалан, Қашқадарё вилоятидаги «Лочин-Санжар БК» ва «Омад пахтазор коммунал ПБК» компаниялари шартномаларида тўловларни кечиктирганлик учун 0,1% миқдорида жарималар кўрсатилган, бироқ мажбуриятларни бажармаганлик учун уларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қоидалар мавжуд эмас. Шунга ўхшаш бандлар Тошкент, Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари БК шартномаларида ҳам учрайди.

Фарғона вилоятидаги «Humo Turon» компанияси шартномада тўловни уч ойдан ортиқ кечиктирганлик учун электр энергияси, газ ва сув таъминотини узиш имкониятини белгилаган. Бироқ, аввалроқ Норма.уз портали тушунтирганидай, «электр энергияси ва бошқа коммунал маҳсулотларни етказиб бериш на шартномага, на бошқарув органининг мажбуриятига киради. Коммунал хизматлар кўрсатиш шартномасини истеъмолчи етказиб берувчилар билан тузади. Бошқарув органи фақат коммунал маҳсулотлар истеъмолчиларга етказиладиган уй ичидаги тармоқларни сақлаш учун жавобгар бўлади».

Олмалиқлик фуқаронинг маълум қилишича, «Accent Gold Stroy» билан тузилган шартномада асоссиз шарт назарда тутилган бўлиб, унга кўра компания томонидан мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик натижасида етказилган зарар давлат ҳисобидан қопланиши белгиланган.

Қўмита аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифларни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига юборди.

Mavzuga oid materiallar