Янгийўлда беш кишини ўлдирганликда гумонланаётган шахс устидан суд бошланди

O‘zbekiston

2024 йил июль ойида Янгийўл туманида Нурафшон кўчасидаги уйда ёнғин содир бўлган эди. Уй кўздан кечирилганда беш кишининг (шу жумладан, болаларнинг) жасади зўрлик билан ўлим аломатлари билан топилган. Тез орада гумонланувчи процессуал тартибда қўлга олинди. 15 ноябрь куни Тошкент вилоят судида мазкур иш бўйича суд муҳокамаси бошланди. Айбланувчи бирданига бешта моддада айбланмоқда. Унга умрбод қамоқ жазоси таҳдид солмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

26 июль куни соат 6:19 да Янгийўл тумани Нурафшон кўчасида жойлашган хусусий уйда ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳодиса жойига ёнғин-қутқарув хизмати ходимлари етиб бориб, зудлик билан ёнғинни бартараф этган. Бироқ уй кўздан кечирилганда беш кишининг зўравонлик билан ўлим аломатлари бўлган жасадлари топилган.

Ҳалок бўлганлар орасида 1991 йилда туғилган эркак, 1999 йилда туғилган аёл, уларнинг икки фарзанди (2021 ва 2022 йилларда туғилган), шунингдек, 2018 йилда туғилган жияни бўлган қиз бор.

Ҳолат юзасидан Янгийўл тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тез орада марҳумнинг қариндоши бўлган гумонланувчи процессуал тартибда қўлга олинди. Дастлабки маълумотларга кўра, жиноятнинг сабаби айбланувчи ва жабрланувчи ўртасидаги қарз муносабатлари бўлган.

Бугун Тошкент вилоят судида мазкур иш бўйича суд жараёни бошланди. Айбланувчи, 1995 йилда Наманган вилоятида туғилган фуқаро З.С. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш), 118-моддаси (Номусга тегиш), 134-моддаси (Қабрни таҳқирлаш), 164-моддаси (Босқинчилик) ва 173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан бир қатор оғир жиноятларда айбланмоқда.

Суд мажлиси Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси талабларига мувофиқ ёпиқ режимда ўтказилади. Жараённинг бориши бўйича қўшимча маълумотлар суд муҳокамаси якунлангандан сўнг тақдим этилади.

Mavzuga oid materiallar