Тошкентда тўгарак раҳбари учинчи синф ўқувчи қизларини ахлоқсиз хатти-ҳаракатларга ундади: у беш суткалик қамоқ жазоси билан қутулди

O‘zbekiston

Тошкентнинг Миробод туманида учинчи синф ўқувчи қизларига нисбатан ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар содир этган 65 ёшли тўгарак раҳбари 5 суткага қамоққа олинди. Эркак машғулот пайтида қизларга нисбатан одобсиз ҳаракатларни амалга оширган.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида «E. E.» нодавлат таълим муассасасидаги робототехника тўгараги раҳбари, учинчи синф ўқувчи қизларига нисбатан ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар содир этишда айбланган 65 ёшли шахсга нисбатан иш кўриб чиқилди.

Иш материалларига кўра, айбланувчи машғулот давомида қизларнинг қўл, оёқ ва танасига тегиб, уларни кўтариб-тушириб, шу орқали одобсиз ҳаракатларни амалга оширган.

Судда таълим муассасаси директори ўқувчи қизлар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказганини маълум қилди. Психолог сифатида қизлар билан суҳбатлашгандан сўнг, у ўқитувчининг хатти-ҳаракатларида бегуноҳ эркалаш эмас, балки жинсий тазйиқ белгилари мавжуд деган хулосага келган.

Эркак судда бу ҳаракатлар тасодифан содир бўлганини, ўз хатти-ҳаракатининг нотўғри ва ўқитувчининг касбий одоби тамойилларига зид эканлигини тушуниб етганини изоҳ берди. У қилмишидан пушаймонлигини билдирди, бундай ҳодисалар қайтарилмаслигига ваъда берди ҳамда суддан енгиллик сўради.

Суд эркакни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-1-моддаси 1-қисмида (Жинсий тазйиқ) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топди ва унга 5 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Mavzuga oid materiallar