Ўзбекистон ва Россия Бош прокуратуралари ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

O‘zbekiston

Ўзбекистон ва Россия бош прокурорлари идоралараро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришди. Томонлар музокаралар ўтказиб, идоралар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилади.

Россия Федерацияси Бош прокуратурасининг Игор Краснов бошчилигидаги делегацияси Ўзбекистонга иш ташрифи билан келди.

Ташриф доирасида икки давлат назорат органлари раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон ва Россия Бош прокуратуралари ўртасидаги шериклик муносабатлари кўп қиррали ва динамик хусусиятга эга эканлигини таъкидлади.

«Жорий йилнинг апрель ойида Москвада бўлиб ўтган учрашувимизда, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорлари ва Бош прокурорлар мувофиқлаштирувчи кенгашининг йиғилишларида белгиланган Россия-Ўзбекистон прокурорлари ҳамкорлигининг ривожланиш йўналиши Россия ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан белгиланган узоқ муддатли мақсадларга тўлиқ мос келади. Шу билан бирга, БПМК (Бош прокурорлар мувофиқлаштирувчи кенгаши)ни ислоҳ қилиш вақти келди, деб ҳисоблайман», — деди Игор Краснов.

Шу муносабат билан у уюшма фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш, янги умумий хатарлар ва замонавий таҳдидларга, жиноий кўринишларга тезкор муносабат билдириш мақсадида Ҳамдўстлик давлатларининг барча бош прокуратуралари вакиллари ҳисобидан унинг Котибиятини кенгайтиришни таклиф этди.

Шунингдек, у бундай тадбирларни ўтказишга идоравий таълим муассасаларини ҳам жалб этишни таклиф қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг прокурорлар фаолиятида рақамли технологияларни қўллаш бўйича ишланмалари менга маълум. Ишончим комилки, бу тажриба жуда фойдали бўлади», — деди Россия бош прокурори.

Бундан ташқари, Россия назорат идораси раҳбари келгуси йилдан бошлаб малака ошириш учун прокурорлар гуруҳлари, шунингдек, ўқитувчилар делегациялари билан алмашиш масаласини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

Мулоқот давомида томонлар ҳамкорликнинг жорий ҳолати ҳақида фикр алмашдилар ва идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилади.

Хусусан, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни олдини олиш ва профилактикаси, айниқса кибержиноятлар ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа турлари бўйича тажриба алмашиш, прокуратура фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, шунингдек, прокурор ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари бўйича икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида келишувга эришилди.

Mavzuga oid materiallar