Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент вилоятида ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасида бўлган 19 ёшли қиз вафот этган.
Аниқланишича, Бўка туманида яшовчи Н.С. 17 ноябрь куни соат 14:30 да йўлланма асосида туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимига етказилган.
Беморга дастлабки ташхис қўйилган: «Ҳомиладорлик-I, 30 ҳафта, сийдик йўллари инфекцияси, III даражали семизлик». Бироқ ўша куни соат 17:10 да у тилхат ёзиб, касалхонани тарк этган.
Уч кундан сўнг, 20 ноябрь куни соат 04:50 да бемор Н.С. яна худди шу туғруқ бўлимига шишлар ва сариқлик белгилари билан оғир аҳволда мурожаат қилган. Унга дастлабки ташхис қўйилди: «Ҳомиладорлик-И, 30 ҳафта, сийдик йўллари инфекцияси, ўткир ёғли гепатоз, ўрта оғирликдаги камқонлик, III даражали семизлик».
Соат 13:10 да даволаш жараёнида беморнинг аҳволи оғирлашиб, шифокорлар консилиумидан сўнг реанимация бўлимига ўтказилган. Унинг ҳолати ҳақида вилоят перинатал марказига хабар берилган.
Ҳомиладор аёлнинг соғлиғи ҳолатини инобатга олиб, тахминан соат 14:55 да жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Жарроҳлик пайтида барча инекцион муолажалар тиббий кўрсатмаларга мувофиқ бажарилди.
Бироқ, беморнинг умумий аҳволи ёмонлашишда давом этди ва жарроҳлик амалиёти пайтида клиник ўлим юз берди. Ўтказилган реанимация тадбирларига қарамасдан, соат 17:50 да биологик ўлим ҳолати қайд этилди.
Дастлабки хулосага кўра, ўлимга «ўпка артерияси тромбоэмболик синдроми, оғир гепатоз, ўткир жигар етишмовчилиги, уросепсис, септик шок» сабаб бўлган. Тахминан соат 20:00 да ҳодиса ҳақидаги маълумот расман прокуратурага тақдим этилган.
Белгиланган тартибга мувофиқ, тиббий муассасалардаги ҳар қандай ўлим ҳолатлари биологик ўлим қайд этилганидан кейин икки соат ичида патологоанатомик текширувга ёки суд-тиббий экспертизасига юборилади.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош акушер-гинекологи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ ва Бўка тумани прокуратураси томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.