Тошкентда ўзини ИИБ ходими деб кўрсатган икки эркак ушланди

O‘zbekiston

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида шубҳали хатти-ҳаракатлар қилаётган икки нафар ички ишлар ходимига ўхшаган шахслар аниқланди. Текширув натижасида ушбу фуқаролар ҳақиқатда ходим эмаслигини кўрсатди. Уларда кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳам топилди.

Сергели туманида ички ишлар органлари формаси кийган икки эркакнинг шубҳали хатти-ҳаракатлари ҳақида хабар келиб тушгани маълум қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Олинган маълумотлар асосида икки шахс ушланди ва тергов ҳаракатлари ўтказилди. Натижада уларнинг ички ишлар органлари ходимлари эмаслиги аниқланди.

Холислар иштирокида ўтказилган кўрикда мазкур шахслардан кучли таъсир қилувчи дориларга ўхшаш моддалар топилди ва ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

«Мен бу ички ишлар органи ходимининг формаси эканини билмасдим. Минг бор пушаймонман ва сизга ҳам буни маслаҳат бермайман», — деди ушланган шахслардан бири.

Ушбу икки фуқародан топилган моддалар экспертизага юборилди. «Уларнинг ҳаракатлари бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди ва қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, пойтахт ИИББ ушбу шахсларнинг ҳаракатларидан жабр кўрган фуқароларни +998 98 369 11 02 рақамига мурожаат қилишга чақирмоқда.

Mavzuga oid materiallar