Қизалоқ ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига ҳукм чиқарилди

O‘zbekiston

Фарғонада қизалоқ ҳалок бўлган ЙТҲни содир этган шахс 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Айбдор ўз айбини тан олган, бироқ 113 миллион сўм миқдоридаги товон пулини тўлай олмаслигини маълум қилган.

Фарғона вилоятининг Данғара туманида содир бўлган ЙТҲ оқибатида қизалоқ вафот этган фуқарога нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Бахтсиз ҳодиса 4 июнь куни Қўқон–Тошкент йўлида содир бўлган. Йўл ҳаракати қоидаларини бузган Lacetti ҳайдовчиси соатига 130 километрга яқин тезликда Damas автомобилининг орқа қисмига урилиб кетган. Тўқнашув натижасида иккала автомобилнинг ҳайдовчилари ва йўловчилари қатори тўрт киши турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, Damas автомобилида бўлган вояга етмаган қиз шифохонада вафот этган.

Судда авариянинг айбдори ўз айбига иқрор бўлган, аммо белгиланган 113 миллион сўмлик моддий товонни тўлай олмаслигини таъкидлаган.

Эркак Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича айбдор деб топилиб, олти йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бундан ташқари, у уч йил давомида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Mavzuga oid materiallar