Тошкент йўллари бўйлаб жойлашган пулли автотураргоҳларни ким бошқариши маълум бўлди

Ўзбекистон

Тошкент йўллари бўйлаб жойлашган пуллик автотураргоҳларни бошқариш ҳуқуқи учун ўтказилган аукцион якунига етди. Савдолар ғолиби Япониянинг BALCOM COMPANY LTD билан алоқадор «Balcomuz» МЧЖ бўлди. Компания 120 миллиард сўм таклиф қилди, бу бошланғич нархдан икки баробар юқори. Энди у шаҳар автотураргоҳлари инфратузилмасини ривожлантиришга камида $5 млн миқдорида сармоя киритиши лозим.

Фото: Ситуатив / Kun.uz

E-auksion платформаси маълумотларига кўра, 25 ноябрь куни Тошкент йўллари бўйлаб жойлашган пуллик автотураргоҳларни бошқариш ҳуқуқи учун ўтказилган аукцион якунланди. Савдолар 2 соат 10 дақиқа давом этиб, бу вақт мобайнида 22 та таклифнома берилди. Ғолиб «Balcomuz» МЧЖ 120,15 миллиард сўм таклиф қилди, бу лотнинг бошланғич нархидан (57,2 миллиард сўм) 2,1 баробар кўпдир.

iHamkor хизмати маълумотларига кўра, «Балcомуз» компаниясининг 60 фоизи Япониянинг BALCOM COMPANY LTD компаниясига тегишли, қолган улушлар Авазбек Нуриддинов (20%), Бобур Акрамов ва Анвар Ҳошимов (10 фоиздан) ўртасида тақсимланган.

«Balcomuz» 2020 йил январь ойида рўйхатдан ўтган бўлиб, ресторан бизнеси ва овқат етказиб бериш хизматларига ихтисослашган. Компания веб-сайтида кўрсатилишича, у 2019 йилда ташкил этилган ва Ўзбекистонда япон анъаналари ҳамда бизнес ёндашувларини жорий этиш билан шуғулланади. Унинг лойиҳалари орасида Central Park, Oxygen Development, Balcomsoft IT ва бошқалар мавжуд.

Лот Тошкент шаҳридаги 262,8 минг квадрат метр автотураргоҳ майдонларини 36 ой муддатга ижарага олишни ўз ичига олади. Дастлабки икки йил ичида ижарачи автотураргоҳларни жиҳозлаш ва уларнинг фаолиятини таъминлаш учун камида 5 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиши шарт.

Мавзуга оид материаллар