Ўзбекистон мобил банки ЕТТБдан $10 млн миқдорида кредит жалб қилди

O‘zbekiston

Ўзбекистоннинг йирик мобил банкларидан бири Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 10 млн долларлик кредит олди. Маблағларнинг деярли ярми аёл тадбиркорларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Фото: Reuters

Ўзбекистондаги йирик мобил банклардан бири бўлган TBC Bank Узбекистан Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан (ЕТТБ) 10 миллион доллар миқдорида кредит жалб этмоқда.

Ушбу маблағлар банк экотизимини янада ривожлантириш ва молиявий хизматлар қамровини кенгайтиришга йўналтирилиши таъкидланди. Бундан ташқари, кредит ҳажмининг камида 40 фоизи аёл тадбиркорларни молиялаштиришга сарфланади. Бу эса барқарор иқтисодий ўсиш ва янада инклюзив молия секторини шакллантиришга хизмат қилади.

TBC Bank Uzbekistan Марказий Осиёдаги етакчи рақамли банкинг экотизимининг бир қисми ҳисобланади. Унинг таркибига Payme ва Payme Nasiya («Пайме бўлиб тўлаш») — харидларни бўлиб тўлаш хизмати ҳам киради. TBC Uzbekistan экотизими Лондон фонд биржасида савдо қилинадиган TBC Bank Group PLC таркибига киради.

TBC Group компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Ника Курдиани таъкидлашича, ЕТТБ кредити нафақат молиялаштириш манбаларини янада диверсификация қилишга хизмат қилади, балки банкнинг аёл тадбиркорлар учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича вазифасини амалга оширишга ёрдам беради.

ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Анди Аранитаси ўз навбатида, TBC Bank Uzbekistan билан ҳамкорлик ЕТТБнинг минтақада инклюзив иқтисодий ривожланиш ва инновацияларни жорий этишга кўмаклашиш бўйича интилишларини акс эттириши ҳақида фикр билдирди.

Mavzuga oid materiallar