Уч нафар Ўзбекистон фуқароси БААда Исроил раввинини ўлдирганликда гумон қилинмоқда

Dunyo

Бирлашган Араб Амирликларида бедарак йўқолган исроиллик раввин Цви Коганнинг жасади топилди. Хабар қилинишича, раввинни Эрон билан алоқадор бўлган уч нафар Ўзбекистон фуқароси ўлдирган, улар кейинчалик Туркияга қочиб кетган.

БАА махсус хизматлари пайшанба куни Абу-Дабида йўқолган исроиллик раввин Цви Коганнинг жасадини топди. Бу ҳақда Исроил бош вазири девонхонаси ва Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида маълум қилинди.

Коганнинг автомобили Абу-Дабидан 150 километр узоқликдаги Ал-Айн шаҳрида ташлаб кетилган ҳолда топилган. Нашр ўз манбасига таяниб, автомобилдан кураш излари топилганини хабар қилди.

«Амалдорлар Эрон томонидан ёлланган бир неча Ўзбекистон фуқароси раввинга ҳужум қилиб, кейин Туркияга қочиб кетганига шубҳа қилмоқда», — деб ёзади The Times of Israel.

Ҳодисадан сўнг Исроил Хавфсизлик Кенгаши фуқароларни ҳозирча БААга бормаслик ҳақида огоҳлантирди, у ерда исроилликлар ва яҳудийлар учун хавф сақланиб қолаётганини таъкидлади.

Коган Исроил ва Молдова фуқаролигига эга бўлиб, нашрнинг хабар беришича, Исроил мудофаа армиясининг «Гивати» бригадасида хизмат қилган.

У Исроил тўрт йил олдин АҚШ воситачилигида тузилган Авраам келишувларига мувофиқ БАА билан муносабатларни яхшилаганидан бери Абу-Дабидаги Хабад жамоасининг аъзоси бўлган.

Mavzuga oid materiallar