Тошкентда Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунига бағишланган «Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат» халқаро акцияси ўз ишини бошлади.

Ушбу ташаббус хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликни йўқ қилиш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлигига жамоатчилик эътиборини жалб қилишга қаратилган. Кампанияни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўз логотипига умид, ёруғлик ва зўравонликсиз келажакни ифодаловчи рамзий алангани қўшиб, уни ўзгартирди.

Шунингдек, кампания доирасида Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони, дзюдочи Диёра Келдиёрова иштирокидаги видеоролик ҳам намойиш этилди. Агентлик ўз мурожаатида аёллар ҳуқуқлари учун курашишнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди:

«Ҳар бир аёл ўз овози ҳурмат қилинадиган, эшитиладиган ва қадрланадиган, орзу-умидлари рўёбга чиқадиган дунёда яшашга муносибдир».

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ёзида Диёра Келдиёрова Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий комиссари этиб тайинланган эди. У гендер тенгсизлиги ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш масалалари билан фаол шуғулланмоқда.