Тошкентдаги «Аския» бозори аукционга қўйилди: бошланғич нарх — $16,8 млн

O‘zbekiston

Яккасарой туманидаги «Аския» бозорининг ҳудуди ва бино-иншоотлари сотувга чиқарилди. Режага бозор фаолиятини сақлаб қолган ҳолда уни замонавийлаштириш, экобозор, савдо маркази ва тўрт юлдузли меҳмонхона қуриш киради. Қайта қуриш учун ҳокимият билан келишиш ва $150 млн тўғридан-тўғри хорижий сармоя жалб қилиш талаб этилади.

Фото: E-auksion

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги «Аския» бозорининг бинолари, иншоотлари ҳамда ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқи сотувга қўйилди. Лот E-auksion платформасига жойлаштирилган.

Объектнинг умумий майдони 1,83 гектар бўлиб, шундан 0,68 гектарини 7439 кв.м майдондаги қурилмалар эгаллаган. Бозор Ракат мавзесида, Шота Руставели ва Шаҳжаҳон кўчалари оралиғида, Дўстлик боғи (собиқ Бобур боғи) яқинида жойлашган.

Реал Эхcэллент Валуатион компанияси баҳолашига кўра, биноларнинг қиймати 9 миллиард сўм, ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқи эса 180 миллиард сўмни ташкил этади. Савдолар 20 декабрь куни бошланғич нархи 214,85 миллиард сўм (тахминан 16,8 миллион доллар), ҚҚС билан бошланади.

Харидор бозор фаолиятини сақлаб қолган ҳолда уни қайта қуриши ва замонавий савдо-маиший мажмуа яратиши лозим. Режада камида 3000 квадрат метр майдонли экобозор, 1200 квадрат метрлик совутгичли омбор ва 400 та автомобилга мўлжалланган тўхташ жойи кўзда тутилган. Умумий майдони 42 сотихни ташкил этувчи бу объектлар бозор акциядорларига топширилади. Қолган 1,4 гектар майдонни инвестор ўз хоҳишига кўра фойдаланиши мумкин.

Қурилиш ишлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишилган ҳолда ва кейинчалик экобозор ҳудудига кўчирилиши мўлжалланган қишлоқ хўжалиги бозори фаолиятини тўхтатмасдан амалга оширилиши шарт.

Бундан ташқари, инвестор бозор ҳудудидаги хусусий мулк эгалари билан товон пули ёки муқобил майдонлар тақдим этиш орқали келишиб олиши керак.

Сотиш тўғрисидаги қарор акциядорлар томонидан 30 центябр куни ўтказилган йиғилишда қабул қилинган, аммо лот ҳақидаги маълумот фақат 21 ноябрда эълон қилинган. 16 ноябрь куни Яккасарой тумани ҳокимлиги 150 миллион доллар сармоя жалб қилишни кўзда тутувчи қайта қуриш лойиҳасини тақдим этди. Ҳудудда тўрт юлдузли меҳмонхона, савдо маркази ва Wi-Fi ҳамда велосипед тўхташ жойлари каби замонавий қулайликлар билан жиҳозланган яшил ҳудудлар барпо этиш режалаштирилган.

Mavzuga oid materiallar