Москвада Илья Варламовга қарши жиноий иш қўзғатилди

Layfstayl

Москва прокуратураси тергов органларидан Илья Варламовга нисбатан «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунни бузгани учун жиноий иш қўзғатишни сўради. Варламов икки марта маъмурий жавобгарликка тортилган бўлсада, ўз мақоми ҳақидаги белгини қўймасдан хабарлар эълон қилишни давом эттирган.

Фото: Очир манбалар

Москва прокуратураси тергов органларига блогер Илья Варламовга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 330.1-моддаси 2-қисми бўйича, «хорижий агент» мажбуриятларидан бўйин товлаш бўйича жиноий иш қўзғатишни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда идора 27 сентябрь куни хабар берди.

Прокуратура маълумотларига кўра, Варламов «хорижий агент» фаолияти тартибини бузгани учун икки марта маъмурий жавобгарликка тортилган, бироқ ижтимоий тармоқларда ўз мақоми ҳақидаги мажбурий белгини қўймасдан хабарлар жойлаштиришни давом эттирган.

2022 йилдан бери Россияда яшамаётган Илья Варламов ҳозирча прокуратура ҳаракатларига изоҳ бермади. Эслатиб ўтамиз, 2023 йил март ойида Россия Федерацияси Адлия вазирлиги блогерни «нотўғри маълумот» тарқатишда ва чет элдан маблағ олишда айблаган ҳолда «хорижий агентлар» рўйхатига киритган эди.

Шунга ўхшаш қоидабузарликлар учун илгари бошқа таниқли шахслар - қўшиқчи Монеточка ва репер Моргенштернга нисбатан ҳам жиноий ишлар қўзғатилган эди.

Аввалроқ у ўзининг Telegram каналида Ўзбекистон пойтахтидаги ҳаётни қандай тасаввур қилиши ва Тошкентга кўчиб ўтишни исташи ҳақида ёзган эди.

Унинг сўзларига кўра, у маданиятшунослик бўйича таҳсил олиши, Тошкентнинг меъморчилиги ва тарихини ўрганиши, маҳаллаларда вақт ўтказиши, маҳаллий бозорлар ва тарихий обидаларни зиёрат қилиши мумкин эди. Варламов, шунингдек, шаҳарнинг меъморий меросини сақлашга қизиқишини билдирди, тарихий бинолар ва қадимий чойхоналарни ҳимоя қилиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.

Блогер Тошкент маданияти ва муҳитига қойил қолганини, айниқса, маҳаллий анъаналар, таомлар ва меҳмондўстликни алоҳида таъкидлаб ўтди. «Тошкент, кут», — деб ёзди у ўз хабарининг якунида.

UPD: Илья Варламовга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 330-моддаси 2-қисми бўйича иш қўзғатилди.

Mavzuga oid materiallar