Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ярашиш тўғрисида келишиб олди

O‘zbekiston

Исроил ҳукумати Ливанда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни маъқуллади, у ерда Исроил армияси «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши операция олиб бормоқда. Шартномага кўра, 60 кун ичида Исроил қўшинлари Ливандан чиқиб кетади, «Ҳизбуллоҳ» жангчилари эса Исроил–Ливан чегарасидан чекинади.

Исроил ҳукумати Ливанда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни маъқуллади, у ерда Исроил армияси «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши операция олиб бормоқда, деб хабар бермоқда CNN ва Reuters. Битимга АҚШ ва Франция воситачилигида эришилди.

«Бугунги эълон Ливандаги жанговар ҳаракатларга чек қўяди ва Исроилни «Ҳизбуллоҳ» ва Ливан ҳудудидан ҳаракат қилаётган бошқа террорчи ташкилотлар таҳдидидан ҳимоя қилади», — дейилади АҚШ ва Франция қўшма баёнотида.

Сулҳ ҳар икки мамлакат аҳолисига «мовий чизиқ»нинг икки томонидаги уйларига хавфсиз қайтишга имкон беради, дейилади матнда. АҚШ ва Франция «ушбу битимнинг тўлиқ амалга оширилиши ва бажарилишини таъминлаш» учун Исроил ва Ливан билан ҳамкорлик қилади.

Битим Исроил ҳарбий-сиёсий маҳкамаси томонидан ҳам маъқулланган. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху телекўрсатувда «Ҳизбуллоҳ» «энди у эмас» ва Исроил ҳарбийларининг саъй-ҳаракатлари туфайли «ўнлаб йиллар олдин» орқага ташланганини айтди.

У, шунингдек, сулҳ келишувининг давомийлиги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатларига боғлиқ бўлишини ва агар гуруҳ қайта қуроллантиришга ҳаракат қилса, бу шартномани бузиш бўлишини таъкидлади. «Биз унинг ҳар бир бузилишига куч билан жавоб берамиз», — дея қўшимча қилди Исроил бош вазири.

Нетаняхунинг сўзларига кўра, ўт очишнpи тўхтатиш Исроилга «Эрон таҳдидига эътибор қаратиш,» ҳарбий захираларини тўлдириш, шунингдек, Фаластиннинг Ҳамас гуруҳини Ғазода изоляция қилиш имконини беради.

Шартномага кўра, 60 кун ичида Исроил қўшинлари Ливандан чиқиб кетади, «Ҳизбуллоҳ» жангчилари эса Исроил–Ливан чегараси ва Литани дарёсидан тахминан 30 км орқага чекинади. Бу ҳудудни Ливан армияси қўшинлари ва БМТ тинчликпарварлари ўз назоратига олиши керак.

Янги келишув умуман БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2006 йилда қабул қилинган ва Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ» билан урушига чек қўйган 1701-резолюциясига ўхшайди.

АҚШ ўт очишни тўхтатиш тартибига риоя этилишини назорат қилувчи қўмитага бошчилик қилади. Унга Франция, БМТ тинчликпарвар кучлари, Ливан ва Исроил ҳам киради.

Исроил эҳтимолий қоидабузарликлар ҳақида хабар бериши кутилмоқда, Франция ва АҚШ эса бу содир бўлган-бўлмаганлигини биргаликда аниқлайди, деб хабар берди Reuters нашрига Исроил расмийси ва Ғарб дипломати.

Mavzuga oid materiallar